Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 октябрдаги 89-сонли баёнида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича спортнинг Гандбол (ўғиллар ва қизлар) тури бўйича “Баркамол авлод 2021” спорт мусобақаларининг ҳудудий саралаш босқичи жорий йилнинг 23-24 ноябрь кунлари Навоий вилоятида ташкил этилди.
Тадбирни очилиш маросими 23 ноябрь куни Навоий шаҳар 1-сон БЎСМ спорт мажмуасида ташкил этилди. Тадбирда республика Миллий Олимпия қўмитаси вилоят вакили Д.Ҳайдаров, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Н.Улуғбердиев, Туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Муртозаев, ҳакамлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва мезбон Навоий вилояти жамоаси вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирга сўзга чиққанлар бугунги кунда муҳтарам юртбошимиз томонидан спортни ривожлантиришга берилаётган эътибор, ўқувчи-ёшлар ўртасида спортнинг ўрни ва аҳамияти, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жисмоний маданиятни оширишда олиб борилаётган ижобий ишлар тўғрисида гапириб, иштирокчиларга омадлар тиладилар.
Икки кун давомида кескин ва муросасиз бўлиб ўтган мусобақада қизлар ўртасида мезбон Навоий вилоят жамоаси ҳудудий саралаш босқичида биринчи ўринни эгаллаб республика финал босқичига йўлланмани қўлга киритган бўлса, йигит болалар ўртасида Хоразм вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, республика финал босқичига йўлланма олди. Айтиш мумкинки, йигит болалар ўртасида ўтказилган Хоразм ва Навоий вилояти жамоалари ўйинида бирозгина мезбонларга омад етишмади.
Тадбир сўнггида ташкилотчилар томонидан жамоаларга қимматбаҳо эсдалик совғалари ва сертификатлар топширилди.
Тадбир оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.