Ижтимоий тармоқларда Навоий тиббиёт ва юридик техникумларида контракт тўловлари яна кўтарилгани юзасидан эълон қилинган хабар бўйича Навоий вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади.
Адлия вазирлигининг 2022 йил 7 сентябрдаги 209-сонли буйруғига асосан тўлов контракт миқдори оширилмаган, аксинча меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорига нисбатан 2021-2022 ўқув йилида 8,5 баробар, 2022-2023 ўқув йилида эса ярим баробар ўтган ўқув йилига нисбатан камайтирилган. Аммо 2022-2023 ўқув йилига келиб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори июнь ойида оширилганлиги сабабли тўлов контракт миқдори суммасида ўзгариш бўлган.
Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли қарори билан соғлиқни сақлаш таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабаларнинг тўлов-контракти миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5,7 баробари этиб белгиланган ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ошганда тўлов-контракт қиймати миқдорлари навбатдаги ўқув семестр бошида мос равишда оширилиши кўрсатилган.
Шунга кўра, Навоий Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ҳам меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5,7 баробарида қолган, аммо меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори июнь ойида оширилганлиги сабабли 2022-2023 ўқув йилига келиб тўлов-контракт миқдори суммасида ўзгариш бўлган.
